Хориждаги қийин вазиятларга тушиб қолган аёлларга ёрдам кўрсатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Қўмита ОАВдаги хорижга турмушга чиққан аёлларнинг махсус рўйхати тузилиши тўғрисидаги хабарларни рад этди. «Махсус рўйхат тузилмайди. Биз хорижда қийин вазиятларга тушиб қолган аёлларга ёрдам кўрсатамиз», — дея қайд этди матбуот хизмати.

Қўмита маълумотларига кўра, чет эллик турмуш ўртоқлари томонидан зўравонликка учраган ўзбекистонлик аёллар кетма-кет бир неча маротаба мурожаат қилганидан мазкур масала ўртага чиққан.

Хотин-қизлар қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари жабрланган аёлларга ёрдам ташкиллаштирмоқда. Бундан ташқари, Санкт-Петербургда истиқомат қилувчи Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «Мадад» нодавлат ташкилоти билан келишув имзоланди.

«Бизнинг мақсадимиз — нафақат чет элга турмушга чиққан, балки хорижга ишлаш учун кетган аёлларга ҳам ёрдам беришдан иборат. Биз рўйхат тузишни мақсад қилмаганмиз, вазифамиз — хорижда бўлган фуқароларимиз, асосан аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишларни амалга ошириш. Ҳеч қандайн ҳолатда ҳам ушбу аёлларнинг шахсий ҳаётига аралашилмайди», — деди қўмита вакили.