Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида эронлик инвесторлар томонидан каолинни қайта ишлаш ва керамик плита ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ҳақда вилоят давлат хизматлари маркази маълум қилди, дейилади ЎзА хабарида.

Хабарда қайд этилишича, Ангрен шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан Эрон Ислом республикаси фуқаролари Фаллаҳ Мостафа Гҳоламали ва Золфагҳари Неда Баҳрамали иштирокидаги «Burxan Developed trade» масъулияти чекланган жамияти давлат рўйхатидан ўтказилди.

Маълумотларга кўра, устав фонди 85 миллион сўмни ташкил этувчи мазкур корхона томонидан шаҳарда каолинни қайта ишлаш ва керамик плита ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ўз навбатида ички бозорнинг мана шу турдаги маҳсулотга бўлган талабини қондириш, ўнлаб шаҳар ёшларининг доимий бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ангрен давлат хизматлари маркази томонидан шунингдек, ўтган март ойида «ECOTON-SHARQ» хорижий корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилган эди. Бетон-блок ишлаб чиқариши режалаштирилган мазкур МЧЖнинг устав фонди 400 миллион сўм бўлиб, лойиҳа доирасида дастлабки босқичда 100 та, кейинчалик яна 200 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.