Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 апрель куни имзолаган қарор билан 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури маъқулланди.

«Ушбу бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган халқимиз ўзининг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди», — дейилади ҳужжатда.

Қарорга мувофиқ, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, ҳарбий қисмлар вакилларини бириктириб, ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш мақсадида уларнинг яшаш жойига раҳбарларнинг ташрифи ташкил этилади.

Ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ва уй хўжаликлари таъмирланиб, ободонлаштирилади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни парвариш қилиш мақсадида тиббий билимларга эга ходимларни (шартнома асосида) бириктирган ҳолда доимий равишда патронаж хизмати ташкил қилинади.

Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан кетиб ғалабага ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган ва уруш қаҳрамони бўлган фахрийлар номларини абадийлаштириш мақсадида ўзлари туғилиб ўсган кўчаларга уларнинг номлари берилади.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг истаклари асосида улар республика ҳудудидаги санаторияларга бепул юборилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги белгиланган жойларда Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги ҳарбий техника намойиши ташкил этилади. Тошкент шаҳрида Иккинчи жаҳон урушига алоқадор архивдан олинган фото ва ҳужжатлар кўргазмаси ташкил этилади.

Кўчалар ва майдонлар байрамга бағишланган плакатлар ва стендлар билан безатилади. Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляцияси, жумладан, уруш йилларининг қўшиқ ва куйлари ташкил этилади.

Тошкентда 9 май соат 21.00 да байрам салюти уюштирилади.