Халқ таълими вазирлигининг Ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси томонидан биринчи чоракда 1444 та ташкилот ҳамда мактабларда жами 11,4 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган, дея хабар қилди ХТВ матбуот хизмати.

Жумладан, ортиқча ва қўшимча режалаштирилган маблағлар 4,3 млрд сўм (37,5 фоиз аниқланган умумий маблағдан), ҳақиқатда ишламайдиган ходимларга, ортиқча сақланган штат бирликлари ҳамда ишчи-ходимлар томонидан бажарилмаган иш ҳажмлари учун амалга оширилган тўловлар 2,07 млрд сўмни (18,2 фоиз) ташкил этган.

Бундан ташқари, малака тоифаларини белгилаш сертификатларини қалбакилаштириш ҳамда устама ва мукофот пулларининг ортиқча тўланиши натижасида аниқланган тўловлар суммалари 2,02 млрд (17,7 фоиз) сўмга етган.

Мазкур ҳолатлар бўйича таркибида жиноят аломатлари бўлган 190 та умумий суммаси 3 млрд 865,7 млн сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқ-тартибот органларига топширилиб, 279 нафар масъул шахсга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чоралар кўрилди.

Бюджет қонунчилигини бузиш ҳолатлари профилактикасини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида аниқланган 3 млрд 23,4 млн сўм миқдордаги ноқонуний сарфланган бюджет маблағлари белгиланган тартибда қайтарилди.