Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 23 апрель куни Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон раҳбарини жорий йил 9 июнь куни ўтказилиши режалаштирилган навбатдан ташқари Қозоғистон Республикаси президенти сайловига номзод этиб илгари сурилгани билан қутлади ҳамда ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг ўтказилишида муваффақият тилади.

Давлат раҳбарлари Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг жорий йил 14−15 апрель кунлари Ўзбекистонга амалга оширган илк давлат ташрифи натижаларини юксак баҳоладилар.

Эришилган келишувларни ҳамда саноат, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни изчил амалга ошириш, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва туризм йўналишларида фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг ишбилармонликка оид тадбирлар ва маданий-гуманитар алмашинувларга бой дастури қардош халқларимизнинг янада яқин бўлишига хизмат қилиши таъкидланди.

Қозоғистон президенти табрик ва самимий тилаклар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Мулоқот сўнгида Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни стратегик шериклик, кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига таянган ҳолда мамлакатлар ва халқлар манфаатлари йўлида янада мустаҳкамлашга қатъий интилишларини таъкидладилар.