ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси илмий ишланмаларга оид лойиҳаларини тижоратлаштиришга Туркиянинг йирик тадбиркорларини жалб қилишга кўмаклашади, дея хабар қилди Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

17 апрель куни инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шароф Ражаббоевнинг Туркиянинг Ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича бошқармасининг (ТИКА) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Исхан Чағлар ҳамда Туркия миллий таълим вазирининг маслаҳатчиси профессор Мустафа Хилми билан учрашув ўтказди.

Али Исхан Чағлар Туркия миллий таълим вазирининг маслаҳатчиси Мустафа Хилмини вазирлик маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб бориши учун номзод сифатида таклиф қилди. Унинг инновацион фаолиятни ривожлантириш борасида катта тажрибага эгалигини билдириб ўтди. Мустафа Хилми ўз режалари ҳақида сўзлаб берди.


Бундан ташқари, 18−19 апрель кунлари Касб-ҳунар таълими маркази ҳузуридаги Инновацион ривожланиш, педагог кадрларни малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институтида Тошкент шаҳридаги касб-ҳунар коллежлари директорлари, ҳудудий бошқармаларнинг касб-ҳунар коллежларига методик кўмаклашиш бўйича маслаҳатчи -методистлар учун Мустафа Хилми Чолакўғли «Касб-ҳунар таълимида инновацион ёндашув» мавзусида семинар ўтказди.

Туркия Ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича бошқармаси ривожланаётган мамлакатларга кўмак бериш ҳамда уларга иқтисодиёт, савдо, илмий-техник, маданият, таълим ва ижтимоий соҳаларда муносабатларни ўрнатиш мақсадида 1992 йили ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда дунёнинг 20 та мамлакатида 23 та мувофиқлаштирувчи идораси фаолият юритмоқда.