Эҳтимол сезгандирсиз, кўплаб мамлакатларда, айниқса ривожланган давлатларда телекўрсатувлар ҳаракатланувчи сатр ёки «югурувчи сатр» (русча «бегущая строка») билан кўрсатилади. Масалан, АҚШда реклама ва эълонларни кўрсатиш мақсадида жамоат жойларига, аэропорт ва вокзаллар ёки жамоат транспортига ўрнатилган экранларда кўпинча ҳаракатланувчи сатрни учратиш мумкин.

Қўшма Штатларда телевизор кўраётганингизда, ён-атрофда ухлаб ётган одамни безовта қилмаслик учун, пультдаги «Овозсиз режим» (инглизча «Mute») тугмасини босиб қўйса бўлади. «Mute» тугмаси босилганидан сўнг, экраннинг қуйи қисмида ҳаракатланувчи сатр пайдо бўлади ва сиз кўрсатувни субтитрлар билан хотиржам томоша қилишингиз мумкин. Пультда титрларни дарҳол экранда кўрсатиш имконини берадиган бошқа махсус функциялар ҳам бор.

Ҳаракатланувчи сатр нега кераклиги ёки жамоат жойларида ахборот нима учун субтитр кўринишида берилиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Субтитрлар нафақат ухлаётган одамга халал бермаслик, балки эшитишида нуқсони бўлган инсонлар учун ҳам ўйлаб топилган. Субтитр ёрдамида кар одам кўрсатув нима ҳақида эканлигини осонроқ англаб олади. Субтитр — эшитишида нуқсони бор инсон учун нафақат кундалик турмушдаги бир қулайлик, балки уларни ахборот билан таъминлаш йўлидаги зарурий мослашувчи белги ҳамдир.

Матнли ахборот олиш йўлидаги тўсиқлар

Ахборот асрида бизда ошиб бораётган ахборот оқимидан фойдаланган ҳолда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан доимо бохабар бўлиб туриш имкони мавжуд. Бироқ, афсуски, эшитишида нуқсони бўлган инсонлар ўқишга одатлана олмаганликлари боис, матнли ахборотдан тўлақонли фойдаланиш имконига эга эмаслар.

Бунинг бари уларнинг сўз бойлигининг ночорлигидан, шу боис эшитишида нуқсони бўлган кўпчилик одамлар сурдо таржимонларининг ёрдамидан фойдаланишга интиладилар. Имо-ишора тили таржимаси кар одамга аниқ ахборот етказиши мумкин, бироқ унинг сўз бойлигини ривожлантиришга ёрдам беролмайди. Сурдо таржимони ахборотни сўзлар воситасида тўлақонли тақдим этмайди, балки имо-ишора тилида узатади ва бунда ҳар бир сўз ўзининг «ишоравий номи"га эга бўлади.

Одатда, имо-ишора тили таржимаси кар одамга лексик ифодалар эмас, балки нарса ва ҳодисаларнинг ишоравий маънолари орқали етказилади. Агар Ўзбекистондаги ўрта статистик кар одамдан «спорт мажмуаси» сўз бирикмаси қандай ёзилади, деб сўралса, у, катта эҳтимол билан, буни қўпол хатолар билан ёзиб беради, баъзилари эса бу сўз бирикмасини қоғозга туширишга ҳам қийналади. Агар уларга бу сўз бирикмасини тўғри ёзишни бугун ўргатилса, орадан маълум вақт ўтгач улар буни мутлақо унутиб юбориши ҳам мумкин.

Кар ва заиф эшитувчи инсонларнинг саводсизлиги матнли ахборотни олишдаги имконсизлигидан келиб чиқади, бунинг оқибатида эшитишида нуқсони бўлган кишилар кам ўқийди ва атамаларни хотирасида сақлаб қололмайди. Уларнинг кўпчилиги «она», «дада», «нон», «пичоқ», «тўп» ва шу каби енгил ва қисқа сўзларни эслаб қола билади, холос. Улар ўз сўз бойлигини ошириши учун субтитрли ТВ-кўрсатувларни кўпроқ томоша қилиши жуда катта аҳамиятга эга. Эшитишида нуқсони бўлган инсонларнинг сўз бойлигини тўлдиришда айнан субтитрлар муҳим роль ўйнайди.

Субтитрлар телекўрсатувларни тушуниб олиш учун уларни кўпроқ ўқишга ундайди ва шу йўл билан кўз хотирасини ривожлантириш орқали кар ва заиф эшитувчиларнинг саводхонлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Айнан субтитрларни мунтазам ўқиш ортидан уларнинг сўз захираси аста-секин янги сўзлар билан бойиб боради ва ўқишга бўлган қизиқиши кундан-кунга ошади. Етарлича сўз бойлигига эга бўлгач, улар ижтимоий тармоқлардаги, электрон ОАВдаги янгиликларни ҳам мустақил ўқишга эга бўлишади ва, шубҳа йўқки, уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши ҳам ортади.

«Сукунат олами"даги ижтимоий гуруҳлар

Сўнгги вақтларда «ВКонтакте», «Одноклассники», Facebook каби ижтимоий тармоқларда долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилиш учун турли гуруҳлар пайдо бўлмоқда. Бундай ижтимоий гуруҳлар «сукунат олами"даги кар ва заиф эшитувчи инсонлар орасида ҳам оммалашмоқда. Бу каби гуруҳларга эшитишида нуқсони бўлган инсонлар тез-тез ўз видеоларини юклаб туради ва видеоролик остидаги муҳокамаларда фикр алмашади.

Масалан, Facebook ижтимоий тармоғида ўзбекистонликларнинг «УзГС — Узбекистан глухих и слабослышащих» гуруҳи мавжуд. МДҲ мамлакатларидаги имо-ишора тили ўхшаш бўлгани боис, ўзбекистонлик кар ва заиф эшитувчилар МДҲ давлатларидаги — 15 countries by the deaf world (Russian sign Language), Deaf Orwellian «Война и мир», «Пусть говорят Deaf» каби гуруҳларда ҳам фаол. Бу гуруҳларда МДҲнинг барча мамлакатларидан эшитишида нуқсони бўлган инсонлар йиғилган.

Агар кар ва заиф эшитувчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлари ўрганилса, эшитишида нуқсони бор инсонларнинг сўз бойлиги сустлиги ва саводи ёмонлиги нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун хослигини англаш мумкин. Улар одатда жиддий ва орфографик хатолар билан ёзади. Тўғри, биз умумлаштириб, карларнинг бари хатолар билан ёзади, дея олмаймиз — улар орасида жуда саводлилари ҳам бор.

Ёзма нутқдаги саводсизлик кўпроқ туғма кар одамларга хос, чунки уларда аввало ўз она тили — имо-ишора тили ривожланади. Айнан ўқимай ва мустақил равишда матнлар ёзмай, ҳар куни имо-ишора тилида мулоқот қилиш сўз бойлигини ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатади.

Аммо имо-ишора тили эшитишида нуқсони бўлган болалар ва катталарнинг таълим олишига салбий таъсир кўрсатади, деган хулоса чиқариш ярамайди. Аксинча, у оила ва дўстлар даврасида тўлақонли мулоқот қилиш имкониятини беради. Уларга тил ва саводли ёзма нутқни ривожлантириш учун субтитр кўринишидаги қўшимча оқилона мослаштириш етишмайди, холос.

Мулоқотдаги тўсиқларни йўқ қилувчи инновациялар

YouTube’да фильмларни рус, инглиз ва бошқа тиллардаги субтитрлар билан кўриш имконияти бор, бироқ ўзбек тилида йўқ. Унинг TAS-IX тармоғидаги миллий муқобили — Mover.uz интернет-ресурсида ҳам субтитрлар имконияти мавжуд эмас. Google таржимонида овозни ёзиб олиш ва оғзаки нутқни бир тилдан бошқасига ўгириш имконияти яратилган. Яхшими-ёмонми, Google таржимони ўзбек тилидаги матнни жаҳоннинг 100 дан ортиқ тилларига таржима қилишни уддалай оляпти. Бироқ ўзбек тилидаги оғзаки нутқни таржима қилишни ҳали ўрганганича йўқ, чунки ўзбекча нутқни аниқлаш дастури ҳозирча ишлаб чиқилмаган.

Кар ва заиф эшитувчи талабалар учун мўлжалланган жаҳондаги ягона олий таълим муассасаси — Галлодет университети (АҚШ) Google компанияси билан ҳамкорликда айнан эшитишида нуқсони бўлган инсонлар учун «Тўғридан-тўғри расшифровка» (Live Transcribe) номли дастур ишлаб чиққан. 70 дан ортиқ тил ва шеваларни қўллаб-қувватлайдиган ушбу дастурда нутқни автоматик аниқлаш бўйича Google’нинг янги технологияларидан фойдаланилади. Одам тўғридан-тўғри телефонга гапирса, қурилма экранида нутқнинг матни расшифровка қилиб берилади. Айни вақтда кар суҳбатдош шу дастурнинг ўзидаги клавиатура орқали матн териб, жавоб қайтариши мумкин.

Мазкур дастурда ўзбек тили ҳозирча қўллаб-қувватланмайди. Ўзбекистон Карлар жамияти ва бошқа ташкилотлар ўзбекча нутқни аниқлаш технологияларини ишлаб чиқиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ташаббус кўрсатаётгани йўқ. Бунга молиявий маблағлар, шунингдек, бундай технологияларни ишлаб чиқиш учун малакали мутахассислар етишмовчилиги сабаб бўлиши мумкин. Ушбу соҳада давлат томонидан зарурий кўмакнинг йўқлиги ҳам яна бир омил бўлиши мумкин.

Амалда ўзбекча нутқни аниқлаш функцияси эшитишида нуқсони бўлган инсонларга атрофдагиларни кундалик турмушда тўсқинликсиз тушунишга ёрдам берган ҳамда карлар ва эшитувчилар олами ўртасида ўзига хос кўприк бўлиб хизмат қилган бўларди. Боз устига, имо-ишора тили таржимонлари сони чекланган бир шароитда, овозли нутқни автоматик матнга айлантириш кар ва заиф эшитувчилар учун таълим жараёнини осонлаштирган бўлур эди.

Ўзбекча нутқни автоматик аниқлаш тизими бизнинг ТВ-дастурларимиз ва кўрсатувларимизни ҳаракатланувчи сатр ва субтитрлар билан самарали таъминлаш учун ҳам зарур. Ахир нутқни қўлда расшифровка қилиш ва субтитрларни ТВга киритиш учун жуда кўп иш вақти ва, табиийки, молиявий ресурслар сарфлашга тўғри келади. Бир соатлик эфир учун субтитрлар тайёрлашга камида 12−15 соат вақт керак! Жонли эфирдаги ҳаракатланувчи сатр эса умуман имкони йўқ нарсадек кўринади.

Айнан реал вақт режимида нутқни автоматик аниқлаш технологияларидан фойдаланиш имконсиз нарсани рўёбга чиқаришга ёрдам беради, вақт ва пулни тежайди ҳамда, энг асосийси — субтитрли кўрсатувлар сонини оширади.

Бундан ташқари, автоматик равишда бошқа тилларга таржима қилиш имконияти билан қориштирилган бундай технология нафақат карлар, балки хорижий ҳамкорлар билан мулоқот қилиш вақтида кар бўлмаганларга ҳам фойдали бўлар эди. Ўзбекча матнни автоматик аниқлаш технологияси тадқиқотчиларга ёки ҳозирда кўп вақтини респонденти билан суҳбатни расшифровка қилишга сарфлаётган Ўзбекистондаги журналистларга ҳам қўл келиши мумкин.

Ким айбдор ва нима қилмоқ керак?

Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлардаги кар ва заиф эшитувчи болаларни сифатли ўқитиш учун малакали сурдопедагоглар ва имо-ишора тили таржимонларининг ўткир етишмовчилиги сезилмоқда. Эшитишида нуқсони бўлган болалар ва катталарнинг жорий саводсизлигида мазкур муассаларнинг ходимларини айблаш тўғри бўлмайди. Бунинг учун жавобгарлик, умуман олганда, бутун жамиятнинг зиммасида, чунки карларнинг бутун умри давомида таълим олиш имкониятлари жуда чекланган.

Ўзбекистон телеканалларининг айрим янгиликлар дастурларида имо-ишора тилида таржима берилиши яна пайдо бўлди, бироқ бу эшитишида нуқсони бўлган инсонларни ахборот билан таъминлаш учун етарли эмас. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, теледастурлари субтитрлар билан кўрсатиладиган мамлакатларда кар ва заиф эшитувчи инсонларнинг саводхонлиги анча юқори.

Субтитрли маҳаллий телеканаллар — бу кар ва заиф эшитувчи телетомошабинлар учун жуда аҳамиятли оқилона мослаштиришдир. Афсуски, Ўзбекистонда шундай имкониятли бирор телеканал ҳали ҳам йўқ, бу эса кар ва заиф эшитувчи телетомошабинларнинг ахборотни тўлиқ олиш йўлидаги ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлмоқда.

2017 йил ҳолатига кўра, мамлакатда расман 22253 нафар кар ва заиф эшитувчи инсон рўйхатга олинган. «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун барча ташкилотлар зиммасига алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланиш шароитларини яратиш масъулиятини юклайди. Ўзбекистон томонидан 2009 йилда имзоланган ва ҳали ҳам ратификация қилинмаган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ҳам конвенцияга аъзо мамлакатлардан ахборотдан ва янги ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, интернетдан тенг фойдаланишни таъминлаш учун тегишли чоралар кўришни талаб қилади.

Эшитишда нуқсони бўлган инсонлар таълими ва хабардорлигининг паст савияда эканлиги уларнинг муносиб ишга жойлашиш ва келгусида жамиятнинг фаол аъзолари бўлиш имкониятларига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бу йил «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиши йили» деб аталди. Ўз-ўзидан, биз ушбу ижтимоий муаммони ҳам эътиборсиз қолдирмаслигимиз зарур.

Таълимга киритилган инвестиция, гап айниқса аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари ҳақида кетаётган бўлса, давлатнинг энг муҳим инвестициялари саналади.

Кар ва заиф эшитувчи инсонларни ахборотдан тенг фойдаланиш ва узлуксиз таълим олиш имкониятлари билан таъминлаш учун ўзбек тилини автоматик аниқлаш технологияларини ишлаб чиқишга инвестиция киритган ҳолда, ТВ-каналларда ҳаракатланувчи сатр функциясини ривожлантириш зарур. Бунинг учун Ўзбекистон Карлар жамияти фаолиятини жонлантириш ва жараёнга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигини жалб этиш керак. Буни муваффақиятли амалга оширган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва чет эллик донорларнинг қўшимча молиявий кўмагидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан нафақат эшитишида нуқсони бўлган инсонлар, балки бутун жамият ютади. Ахир ташқарида XXI аср!

Мақолада билдирилган фикрлар таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмаслиги мумкин.

Маъмур Аҳлиддинов — Ўзбекистон Карлар жамиятининг Ўзбекистондаги кар ва заиф эшитувчи инсонлар учун таълим, фан, спорт ва маданият мавзуларини ёритиб борувчи блоги муаллифи, «Мактабгача таълим методикаси ва назарияси» журнали таҳририяти бош дизайнери.

Дильмурад Юсупов — Сассекс университети (Буюк Британия)нинг Ривожланиш муаммоларини тадқиқ этиш институти докторанти, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси, «Газета.uz» колумнисти.