«Ислом давлати» террористик ташкилоти Шри-Ланкадаги серияли портлашлар учун жавобгарликни зиммасига олди. Бироқ террорчилар гуруҳи уларга алоқадорлигини исботловчи далилларни тақдим этмади, дея хабар қилди РИА Новости.

Якшанба куни Шри-Ланкада католикларнинг Пасха байрами нишонланаётганда бир қатор портлашлар содир этилган эди. Биринчи олтита портлаш Коломбо, Негомбо ва Баттикалоадаги учта католик черкови ва учта меҳмонхонада, еттинчиси — орол-давлат ғарбида, саккизинчиси эса Коломбодаги турар жой яқинида амалга оширилди.

Порташларда алоқадорликда гумонланиб 40 киши қўлга олинди, 23 апрель куни ҳалок бўлганлар хотирасига мотам деб эълон қилинди.