2019−2020 йилларда Тошкентда Жанубий Кореянинг халқаро аёллар университети (Kyung-in Women’s University) филиали очилади, дея хабар қилди «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.

20 апрель куни ОТМ маъмурияти, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Ўзтўқимачиликсавдо» уюшмаси ўртасида университет очишни кўзда тутувчи меморандум имзоланди.

Университетда тўқимачилик, дизайн, мода, авиация ва туризм, гўзаллик саноати, соғлиқни сақлаш ва кореяшунослик йўналишларида мутахассислар тайёрланади. У ўқув ва лаборатория ускуналари ҳамда кутубхона фонди билан таъминланади.

Kyung-in Woman’s University — Жанубий Кореядаги давлат олий таълим муассасаси. Университетда 300 нафардан ортиқ ўқитувчилар фаолият кўрсатади, талабалар сони 2000 нафардан ортиқ. Халқаро алмашинув дастурига эга.

Тошкентда университет филиалини очиш тўғрисидаги келишувга Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида эришилган эди.