Андижон вилоятида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан ташкил этилаётган тарғибот ва ташвиқот ишлари натижасида жорий йилнинг шу даврига қадар йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилга нисбатан солиштирилганида 38 тага камайган. Бу ҳақда «Халқ сўзи online» хабар берди.

Содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 103 тани ташкил этиб, уларнинг натижасида 20 киши ҳаётдан бевақт кўз юмди.

Вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси бошлиғи, подполковник Сайидолим Зингировнинг маълум қилишича, 2019 йилнинг шу даврига қадар турли йўналишдаги 68 минг 613 та қоидабузарлик ҳолатлари қайд этилган ва натижада ундирилган жарималар миқдори 6 миллиард 141 миллион сўмни ташкил этган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, содир этилган ҳаракатларнинг 19 минг 707 таси қўпол равишда юзага келган. Маст ҳолатда автомашина бошқариш, тезликни ошириш, одам ташиш қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари ҳам учрамоқда.