20 апрель куни Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида йўловчи автобуси иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида ҳаётдан кўз юмган уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасадлари Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Олма Отадаги бош консулхонаси маълумотларига таяниб хабар қилди.

Ҳалок бўлганлар — Ўринбой Абдуҳолиқов, Алишер Калмуратов ва Дилором Ермекбаева. Вафот этганларнинг жасадлари шахси аниқлаштирилиб, «Жибек Жоли» — «Ғишткўприк» назорат-ўтказиш пунктлари орқали Ватанга етказилди, сўнгра ФВВ ва ИИВ вакиллари ҳамроҳлигида яқинларига топшириш учун Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Қуйичирчиқ туманларига жўнатилди.

Маҳаллий ҳокимият органлари ҳалок бўлганларнинг оилаларига дафн маросимларини ўтказишда ёрдам кўрсатмоқда, дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Аввалроқ ЙТҲ натижасида жароҳат олганлар Ўзбекистонга олиб келинган эди.

Эслатиб ўтамиз, 49 нафар йўловчиси бўлган рейс автобуси иштирокидаги ЙТҲ натижасида 11 киши, жумладан 3 нафар Ўзбекистон ва 8 нафар Қозоғистон фуқароси ҳаётдан кўз юмди, 30 киши жароҳатланди.