Икки кун давомида Ўзбекистон бўйлаб беқарор об-ҳаво ҳукмронлик қилади. 23−24 апрель кунлари ёмғир ёғиши, айрим жойларда кучайиши мумкин. 25 апрелдан ой охирига қадар ёғингарчиликлар кутилмаяпти. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзгидрометга таяниб хабар қилди.

24−25 апрель кунлари ҳаво ҳарорати +13…+18 даража, кечаси — +5…+10 даражага тушиб, меъёрдан 5−7 даража паст бўлади. Кейинчалик ҳаво ҳарорати кўтарилиб, ой охирига бориб ушбу давр учун меъёрий даражага чиқади.

Бу йил апрель ойи ёғингарчиликлари билан фарқ қилади, дея қайд этди ФВВ. Республиканинг катта қисмида, шимолий ҳудудлар ва Фарғона водийсини ҳисобга олмаганда, 10−15 кун давомида турлича жадалликдаги ёмғирлар ёғиши кузатилди, ёғинчарликлар миқдори эса ойлик меъёрдан ошди.

«Бир неча соат ичида ойлик меъёрнинг ярми миқдорида кучли, айрим жойларда жуда кучли ёмғир ёғини ноёб ҳодисадир. Масалан, Бойсунда икки кундан камроқ вақт ичида қарийб икки ойлик меъёр миқдорида ёмғир ёғди. Тошкентда 19 ва 20 апрель тунлари (яъни икки кеча-кундузда) апрель ойи меъёридан кўпроқ ёмғир ёғди».

ФВВ апрелдаги ёмғирли ҳаво нам жанубий ҳаво оқимлари ва Россиянинг Европа қисмидан бирмунча совуқ массаларнинг кириб келиши билан изоҳлади.

«Апрелда кучли ёмғир ёғишини аномал ҳодиса деб бўлмайди, чунки апрель — йилнинг энг ёмғирли ойларидан бири, бироқ, шундай бўлса ҳам, бу йилги каби серёғин апрель ҳар 4−5 йилда бир марта кузатилади», — дейилади ФВВ хабарида. Тошкентда энг ёмғирли апрель эса, вазирлик маълумотига кўра, 1990 йилда кузатилган. Ўшанда бир ой ичида пойтахтда қарийб уч ойлик ўртача меъёрий миқдорда ёмғир ёққан. Бир куннинг ўзида бир ойлик ёмғир ёғиши қайд этилган.

Яқин кунлар учун об-ҳаво маълумоти