Прокуратура органлари томонидан 2019 йил 3 ойи давомида тергов қилинган жиноят ишлари бўйича жиноят оқибатида етказилган моддий зарарларни аниқлаш ва ундириш чоралари кўриб борилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Статистик ҳисоботларга кўра, содир этилган жиноятлар бўйича қўзғатилган жиноят ишлари юзасидан прокуратура органларида 2019 йил 3 ойи давомида жами 603 та (2018 йилда 527 та) иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари иш юритувга қабул қилиниб, улар юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Прокуратура органлари томонидан 2019 йил 3 ойи давомида жами 330,8 млрд. сўм (121,3 млрд. сўм) миқдорида зарарлар аниқланиб, шундан 303,9 млрд. сўми (115,6 млрд. сўм) ёки 91,9 фоизи (95,3 фоизи) тергов давомида ундирилган бўлса, қолган 26,9 млрд. сўми (5,7 млрд. сўм) ёки 8,1 фоизи (4,7 фоизи) зарарни ундириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилган.

Шундан давлатга етказилган 293,2 млрд. сўм (98,2 млрд. сўм) зарар ундирилди.

Шунингдек, 2018 йил 3 ойи давомида давлат улуши бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларга етказилган жами 6,2 млрд. сўм ундирилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг 3 ойида 11,6 млрд сўмни ташкил қилди.

Ўтган йилнинг 3 ойи давомида 29,5 млрд. сўм пуллар нақд пул шаклида ундирилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилда 159,6 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 5,4 баробарга ошган бўлса, 28.8 млрд. (16.1 млрд.) сўмлик зарарни пул кўчириш йўли билан ундирилиши таъминланган.

Мазкур йўналишда ишлар тизимли давом эттирилмоқда.