Жиззах вилоят ҳокимлигига Америка Қўшма Штатларининг нуфузли «Алфа Эко» компанияси негизида ташкил топган «Америка соя ловияси корпорацияси» (American soybean corporation) делегацияси вакиллари ташриф буюрди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар берди.

«American soybean corporation» компанияси вакилларини вилоят ҳокими Эргаш Солиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси вакиллари билан бўлиб ўтган музокарада инвесторлар вилоятда соя етиштириш имкониятларини юқори баҳоладилар.

«American soybean corporation» президенти Фима Потик бошланишига 100 минг гектар майдонда соя етиштириш, уни қайта ишлаш ва истъемолга тайёр ҳолатга келтиришни йўлга қўйишни режалаштираётгани ҳақида гапирди.

Учрашувда 350 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган ҳолда, ушбу ўсимликни экиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ҳолатига келтириб, ички бозорни таъминлаш билан бирга хорижга экспорт қилиш жараёнларини ҳамда логистика марказларини қамраб олган кластерни ташкил этиш, соя чиқиндисидан чорва озуқасини ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, «American soybean corporation» вилоятда сояни ҳозирда яроқсиз ва фойдаланилмаётган ерларда экишни режалаштирган.

Шунингдек, соҳага зарур кадрларни етказиб бериш, мутахассислар тайёрлаш юзасидан фикр алмашилди. Кластер учун экин ер майдонларининг ажратилиши, маҳаллий фермерлар билан ҳамкорликда ишлаш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув сўнгида икки томон ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.