Шри-Ланка пойтахти Коломбо ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги католик черковлари ва меҳмонхоналарда содир этилган портлашлар оқибатида энг камида 137 киши ҳаётдан кўз юмди, дея хабар қилди AFP агентлиги.

Маҳаллий полиция маълумотларига кўра, мамлакат пойтахти Коломбода 45 киши, Негобмо шаҳрида — 67 киши, Баттикалоа шаҳрида эса 25 киши қурбон бўлди. Тиббий ташкилотлар маълумотларига кўра, 300 дан ортиқ киши жароҳат олган.

Маҳаллий Ada Derana нашрининг хабар беришича, мамлакат пойтахтидаги беш юлдузли Shangri-La, Cinnamon Grand ва Kingsbury меҳмонхоналари яқинида учта портлаш содир этилган. Шунингдек, Коломбога туташ Котахена шаҳридаги учта черковда ҳамда Негомбо ва Баттикалоа шаҳарларида Пасха байрами нишонланаётган вақтда портлашлар амалга оширилган.

Ҳодиса жойларига етиб борган полиция черков ва меҳмонхоналарни қуршаб олди. Daily Mirror нашрининг хабар қилишича, ҳалок бўлганлар орасида чет эллик сайёҳлар ҳам бўлиши мумкин. 160 дан ортиқ киши Коломбо миллий шифохонасига ётқизилган.