18 апрель куни «Озодлик» радиоси «Қодиров иши» доирасида ҳибсга олинган мансабдор шахслар тергов давомида қийноқлар ҳақида хабар беришди" номли мақолани эълон қилди. Мақолада айбланувчилар — бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Улуғбек Суннатов ва Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Хуррамовга нисбатан жисмоний ва психологик зўравонлик ва қўпол муносабатда бўлингани қайд этилган.

Бош прокуратура қийноқларга йўл қўйилгани ҳақидаги маълумотларни рад этди. Маҳкама томонидан собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов олиб бориб, 13 нафар шахсга мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, пора олиш, шунингдек, бошқа мансабдорлик ва иқтисодий жиноятларни содир этиш бўйича айблов эълон қилинган.

«Дастлабки тергов Жиноят-процессуал кодексининг қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда олиб борилган, айбланувчиларга ва уларнинг яқин қариндошларига нисбатан ҳеч қандай қийноқлар ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаган», — дейилади хабарда.

Айбланувчилар Улуғбек Суннатов ва Улуғбек Хуррамов «уларга қўйилган айбловларни фақат қисман тан олган, бу эса уларга айблов бўйича ўз фикрини эркин ифода этиш имконияти берилгани ва уларга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказилганлик факти мавжуд эмаслигидан далолатдир».

Бундан ташқари, 11 апрелдаги ушбу жиноят иши бўйича аввал эълон қилинган расмий хабарда таъкидланганидек, дастлабки тергов ва суд жараёнида барча айбланувчиларнинг соғлиғи Ички ишлар вазирлиги тиббий муассасаларининг доимий тиббий кузатувида ва назорати остида бўлди.

Таъкидлаш жоизки, дастлаб жиноят ишини судда кўриш бошланганида судланувчилар Улуғбек Суннатов ва Улуғбек Хуррамов судда сўроқ қилиш жараёнида ўз кўрсатмаларида содир этилган жиноятларда айбдорлигини тан олиб, ўз қилмишларига амалда пушаймонлигини билдиришди, аммо кейинчалик улар ўз кўрсатмаларини ўзгартириб, худдики уларга нисбатан қийноқ ва таҳдидлар қўллангани ҳақида хабар беришди.

«Қонунчиликка биноан, айбланувчи ва судланувчилар уларга нисбатан эълон қилинган айблов бўйича ҳар қандай позицияни эгаллаш ҳуқуқига эга. Ўз навбатида Бош прокуратура Улуғбек Суннатов ва Улуғбек Хуррамовнинг тергов давомида уларга нисбатан қийноқлар қўлланганлиги тўғрисидаги важларига жавобан аниқ позициясини билдириб, юқоридаги кўрсатмалар ҳақиқатга мос келмаслигини қатъий таъкидлайди», — дейилади хабарда.