18 апрель куни инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Корея Республикасининг кичик ва ўрта бизнес ҳамда стартаплар вазири Пак Юн Сун ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Газета.uzга хабар қилди.

Шунингдек Корея Республикаси президенти Мун Чже Иннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлигида Корея Республикасининг Кичик ва ўрта бизнес ҳамда стартаплар вазирлиги вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Корея Республикаси Халқаро инновацион индексда 12-поғонани эгаллаб, ҳатто Япония, Италия, Финляндия каби мамлакатлардан ҳам юқори ўринда туради. Блумберг Инновацион Индекси рейтингида эса илмий тадқиқотлар, олий таълим тизими ва патент фаолияти бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллайди.

Корея давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, бугунги кунда 3,35 миллиондан ортиқ кичик ва ўрта инновацион корхона фаолият юритиб келмоқда, бу рўйхатга олинган хўжалик юритувчи субъектларнинг 99,9 фоизини ташкил этади. Ўз навбатида, аҳолини иш билан таъминлаш даражаси эса 87,7 фоизни ташкил этади. Бу инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, айниқса ёшларнинг стартап лойиҳаларини ишга туширишда ўзига хос қулай шарт-шароитлар яратилиши туфайли эришилган натижалардир.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги Жанубий Корея тажрибасига таянган ҳолда стартап экотизимни йўлга қўйиш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш орқали 2030 йилда Ўзбекистоннинг Халқаро инновацион индексда етакчи 50 мамлакатлари қаторида жой олишига эришиши таъминланиши қайд этилди.

Учрашув доирасида томонлар жорий йилнинг ноябрь ойида ташкил этиладиган K-Startup Grand Challenge стартаплар мусобақасида Ўзбекистон кичик ва ўрта бизнес вакилларининг иштирокини ташкил этишга келишиб олдилар. Унда иштирокчилар Корея Республикасининг энг йирик компаниялари томонидан ташкил этиладиган семинарлар, тренинглар ва стажировкаларда иштирок этиш ҳамда етук корейс мутахассислари томонидан инновацион тадбиркорликни йўлга қўйиш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга оид махсус курсларни ўташ имкониятига эга бўладилар. Корея томони, шунингдек, танловда ғолиб чиққан ўзбекистонликларнинг лойиҳаларини бир йил давомида амалиётга татбиқ этишда молиявий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдирдилар.

Меморандумнинг имзоланиши кичик ва ўрта бизнес ҳамда инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ўзаро тажриба алмашиш, икки мамлакат ўртасида қўшма лойиҳалар, институционал ва корхоналараро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, инновацион бизнес экотизимни ривожлантириш, хусусан бизнес инкубаторлар, кластерлар ва «бизнес фаришталар» хизматларини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, фан, таълим, кичик ва ўрта бизнес интеграциясини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, Гёнги ижодий иқтисодиёт ва инновациялар маркази ҳамда «Яшнобод» инновацион технопарки ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишда амалий ёрдам беради.