Халқ таълими вазирлиги томонидан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари натижасида мактабларнинг бино ва иншоотлари, инфраструктураси ва моддий-техника таъминоти яхшиланаётгани ҳақида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Миллий матбуот марказида ўтказилган тадбирда Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти, бошқармалар раҳбарлари, соҳа мутахассислари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Анжуманда Халқ таълими вазири ўринбосари Иброҳим Жўраев «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

— «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари, хомийлик ёрдами ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда таълим муассасаларининг бино ва иншоотлари, моддий-техника таъминоти мустаҳкамланмоқда. Мазкур дастурлар асосида 493 та мактаблар атрофи тўлиқ ўралиб, 173 та мактаб ичимлик суви билан таъминланди. Ошхонаси таъмирталаб ёки мавжуд бўлмаган 175 та таълим муассасасида янги ошхона бинолари қурилди ва таъмирланди. 579 та мактабда ҳожатхона янгидан қурилди ва 181 та мактабнинг ички канализация тизими таъмирланди. 2864 та мактабда эса иситиш тизими яхшиланди, — деди вазир ўринбосари.

Иброҳим Жўраевнинг таъкидлашича, маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромадлари ҳисобидан энг кўп маблағ Қорақалпоғистон Республикасига, ўқувчи сони бўйича энг кўп маблағ Навоий вилоятига, умумий қўшимча даромадлардан энг катта фоизи эса Наманган вилояти мактабларига ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилга қадар Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактаблар биноларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш фақат инвестиция дастури асосида амалга оширилиб келинган.

2018 йилдан бошлаб «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, амалга оширила бошланди. Натижада, янгидан қурилаётган, реконструкция қилиниб, капитал таъмирланаётган умумтаълим мактабларининг сони кескин ортди.

Жумладан, 2017 йилда инвестиция дастури доирасида жами 484 та умумтаълим мактабларида 556,6 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 2018 йилда инвестиция дастури ҳамда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари асосида жами 918 та умумтаълим мактабларида 1,47 трлн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

2017 йилга нисбатан 2018 йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган умумтаълим мактаблари сони 484 тадан 918 та (90%)га, ушбу ишларга ажратилаётган маблағ миқдори эса 556,6 млрд. сўмдан 1,47 трлн. сўм (160%)га ортган.

2019 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари асосида дастлабки манзилли рўйхатларга кўра 590 та умумтаълим (шундан 510 таси «Обод қишлоқ» ва 80 таси «Обод маҳалла» дастури доирасида) мактабларида 726,7млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориш режалаштирилган.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида обод бўладиган қишлоқ ва маҳаллалар сони ортиши ҳисобига ушбу ҳудудларда жойлашган янги қурилган ҳамда таъмирланган умумтаълим мактаблар сони йил якунига қадар яна ҳам ошиши кутилмоқда.

Мазкур дастурлар доирасида қурилиш-таъмирлаш ишларидан ташқари умумтаълим мактабларининг ҳудуди, уларга элтувчи йўллар (йўлаклар) яхшиланиши, ободонлаштирилиши, атрофи ўралиши, ичимлик суви билан таъминланиши, иссиқлик тармоқлари, ёритиш тизимлари, оқова сув тизимларининг таъмирланиши каби ишлар ҳам амалга оширилмоқда.

Вазирлик томонидан инвестиция дастури билан бир қаторда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» Давлат дастурлари доирасида умумтаълим мактабларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини онлайн мониторинг қилиш, амалга оширилаётган ишларнинг шаффофлиги ҳамда сифатини таъминлашга қаратилган ахборот тизими орқали доимий равишда назорат ишлари олиб борилади.

Матбуот анжумани сўнггида ОАВ ходимлари томонидан берилган таклифлар тингланиб, барча саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.