Ўзбекистон Республикаси президент Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин рафиқалари билан бирга икки мамлакат санъат усталарининг концерт дастурида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Олий мартабали меҳмон шарафига ташкил этилган ушбу концертда юртимиз санъаткорлари, корейс маданият маркази аъзолари ва Жанубий Кореядан келган ижодий гуруҳлар қатнашди.

Маълумки, Ўзбекистонда икки юз мингга яқин корейс миллатига мансуб фуқаролар яшайди. Улар мамлакатлар ва халқларни янада яқинлаштиришда катта роль ўйнамоқда.

Эртага Тошкентда Корейс маданияти ва санъати уйи очилади. У корейс халқининг маданий меросини сақлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади.

Концертда ўзбек ва корейс миллий куй-қўшиқлари ижро этилди. Уларда халқларимиз ўртасидаги дўстлик, маданий ҳамкорлик яна бир бор намоён бўлди.

Президентлар концерт иштирокчилари билан эсдалик учун суратга тушди.