Тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг регламенти тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Регламентга мувофиқ, мазкур давлат хизмати Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича республика комиссияси томонидан аттестация ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Ариза Давлат хизматлари марказига ўзи келиб ёки ЯИДХП орқали тегишли спорт турини танлаган ҳолда тўлдирилади.

Давлат хизматларини кўрсатганлик учун қуйидаги йиғимлар ундирилади:

аризани кўриб чиққанлик учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида (20 минг 273 сўм);

аттестациядан ўтказиш учун — энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида (202 минг 730 сўм).

Ариза 10 дақиқада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш марказига юборилади.

Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш маркази ариза тушганидан:

10 иш кунида аттестациянинг биринчи босқичи ўтадиган сана ва жой тўғрисида ариза берувчини хабардор қилади;

аттестациянинг биринчи босқичини 20 иш кунида ўтказади;

биринчи босқичдан ўтганларнинг ҳужжатларини 3 иш кунида тегишли спорт турлари бўйича республика ташкилотларига юборади.

Спорт турлари бўйича республика ташкилотлари 15 иш кунида ариза берувчиларнинг назарий ва амалий билимлари бўйича аттестациянинг иккинчи босқичини ўтказади ва синов якунлари бўйича хулосани сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш мазказига юборади.

Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш маркази 5 иш кунида рухсатнома бўйича қарор тайёрлайди. Қарор қабул қилинганидан сўнг 3 иш кунида рухсатнома Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали ариза берувчига юборилади.