Президент Шавкат Мирзиёев 16 апрель куни соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни (ДХШ) ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжат хусусий соғлиқни сақлашни янада ривожлантириш, ушбу соҳада ДХШнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, инвестицияларни, айниқса, чет эл инвестицияларини жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, аҳолининг юқори технологик тиббий хизматлар ва ускуналардан фойдаланиш имкониятларини оширишда нодавлат сектори иштирокини рағбатлантиришга қаратилган.
Соғлиқни сақлаш соҳасида ДХШ лойиҳалари давлат ва хусусий шерик ўртасида қуйидаги бир ёки бир неча шаклларни бирлаштириш орқали амалга оширилади:
- соғлиқни сақлаш соҳасида жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, яратиш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш;
- оғлиқни сақлаш соҳасида товарларни етказиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш.
Хусусий шерикни танлаб олиш тендер асосида ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали амалга оширилади. Битимнинг амал қилиш муддати давлат ва хусусий шерик томонидан белгиланади. Бунда у уч йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги керак.
ДХШ лойиҳаларини амалга оширишда хусусий шерикка ажратилган ер участкалари, сотиб олинган тиббий ва бошқа ускуналар, шунингдек, улар томонидан қурилган объектлар битимнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг давлат шеригига топширилади.
Инвесторларга Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 200 млн долларгача миқдорида имтиёзли кредит линиялари очилади.
Кредитлар фақатгина импорт қилинадиган замонавий тиббий ускуналар ва инвентарларни сотиб олиш учун — чет эл валютасида киритиладиган инвестиция умумий ҳажмининг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда, инвестор томонидан киритиладиган инвестициялар умумий ҳажмининг 80 фоизидан кам бўлмаган миқдорида хусусий, шу жумладан, хорижий инвестиция киритиш шарти билан амалга оширилади. Кредитлар муддати 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, 8 йилгачани ташкил этади.