Жанубий Кореянинг Booyoung Housing компанияси Ўзбекистон таълим муассасаларига 2000 дона рақамли пианино совға қилди. Мусиқий жиҳозларни беғараз етказиб бериш тўғрисидаги келишув президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига ташрифи доирасида имзоланган эди, дея хабар қилди Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати.

Компания 16 апрель куни энг сўнгги пианинони етказиб берди. Қорақалпоғистон МТБга 151, Хоразм вилоятига — 63, Қашқадарё вилоятига — 54, Сурхондарё вилоятига — 88, Жиззах вилоятига — 28, Тошкентга — 9, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига эса бир донадан пианино топширилди.

Халқ таълими вазирлиги ҳам, лойиҳага кўра, мактаблар учун рақамли пианиноларга эга бўлди.

Компания рақамли пианиноларни чалиш ҳамда Ўзбекистон талабалари учун корейс қўшиқларини хор бўлиб ижро этиш бўйича икки ҳафталик машғулотларни ташкил этди.

Мазкур лойиҳанинг мактабгача ёшдаги болаларнинг бадиий-эстетик, мусиқий тарбияси ва таълимига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Бундан ташқари, у президент Шавкат Мирзиёевнинг ўқувчиларда мусиқа, ранг-тасвир, адабиёт, театр ва бошқа санъат йўналишларидаги кўникмаларини аниқлаш, шунингдек аҳоли маданиятини юксалтиришга қаратилган беш ташаббусини амалга оширишда кўмаклашади.