Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлиб, Ўзбекистон — Корея ҳамкорлигида амалга оширилиши режалаштирилган телемедицина лойиҳаси тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 2014 йили ташкил этилган бўлиб, асосий фаолияти мамлакатимизда IT технологияларини ривожлантириш, Корея Республикасининг бу соҳадаги етакчи салоҳиятини юртимизда татбиқ этишдан иборат.

Бугунги кунда бу ерда компьютер ва дастурий инжениринг ҳамда логистика йўналишлари бўйича 1 минг 300 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. 2018 йили университетни тугатган биринчи 100 нафар битирувчининг аксарияти мамлакатимиздаги нуфузли компания ва ташкилотларда фаолият юритмоқда.

Қолган қисми Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг етакчи университетларида магистратурада ўқишни давом эттирмоқда.