2019 йил 17 апрель куни Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2019 йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларига қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари тасдиқланди.

Унга мувофиқ, республикада қарийб 172 минг гектар деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларига сабзавотлар экилади ҳамда 3 млн 500 минг тоннадан кўпроқ сабзавот етиштирилади.

Шундан, 23 минг гектар ерга пиёз, 18 минг гектарга сабзи экилади.

Жами 31 минг 500 гектар ердан 667 минг тонна полиз экинлари, 47 минг гектардан 1 млн тоннадан кўпроқ картошка, 26 минг 700 гектардан 80 минг тонна дуккакли экинлар олиш режалаштирилган.

Жами етиштирилган маҳсулотларнинг деярли 5 млн тоннаси ички истеъмол учун, 690 минг тоннаси экспортга йўналтирилади.