Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин ўз мамлакатининг Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорлигини илғор соҳаларда ҳам кенгайтириш муҳим деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у ЎзА агентлиги ва «Халқ сўзи» газетасига Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида берган интервьюсида маълум қилди.

«Ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ), 5G мобиль алоқасининг бешинчи авлод технологиялари, космик технологиялар, саноатнинг янги тармоқлари, хусусан, тиббиёт ва биоиндустрия сингари илм талаб қилувчи илғор соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ўта муҳим», — деди Жанубий Корея раҳбари.

Мун Чжэ Иннинг қайд этишича, ўтган йили ўзаро савдо ҳажми икки мамлакат алоқалари тарихидаги максимал кўрсаткич — 2,1 миллиард АҚШ долларига етди. Мамлакатлар ўртасидаги алмашинувлар кенгайиб, энергетика, автомобилсозлик, тўқимачилик саноати, логистика, ахборот технологиялари ва молия соҳаларида жадал ривожланди.

«Истиқболга йўналтирилган иқтисодий ҳамкорлик учун, аввало, институционал асосларни мустаҳкамлаш жоиз. Мазкур давлат ташрифи асносида лойиҳалар ва инвестиция шароитларини янада яхшилаш йўлларини кенг муҳокама қилишни режалаштирмоқдамиз», — деди Жанубий Корея президенти.

Мун Чжэ Ин Ўзбекистоннинг Корея Республикаси томонидан амалга оширилаётган «Янги шимол сиёсати"даги ўрни ва роли ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

««Янги шимол сиёсати» Корея ярим оролида барқарор тинчлик ўрнатиш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Евроосиё қитъасида тинчлик ва тараққиётга эришишга қаратилган. Ушбу сиёсат икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасидан чиққан ҳолда Марказий Осиё ва бутун Евроосиёнинг умумий тараққиётига хизмат қилади. «Янги шимол сиёсати"ни амалга оширишда Евроосиёнинг муҳим шериклардан ҳисобланган Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва Янги Ипак йўли даври бошланишига умид қиламиз», — деди у.

Мун Чжэ Ин йилнинг иккинчи ярмида вазирлар даражасида Корея Республикаси ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигига доир XII форум бўлиб ўтишини маълум қилди.

«У ядродан холи ҳудуд барпо этиш ва Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига хизмат қилган Марказий Осиёнинг билим ва тажриба алмашиш майдончасига айланишига умид қиламиз», — дея таъкидлади Жанубий Корея президенти.