Судланувчи Ф. Бердиқулова (исм-фамилиялар ўзгартирилди) 2017 йилнинг 16 май куни таниши Ш. Руфатовга қўнғироқ қилиб, кредит шартномасига асосан «Credit Asia» дўконидан телевизор олиб беришни илтимос қилади. Бунинг эвазига унга 100 минг сўм беришни айтиб, ойлик тўловларни ўз вақтида тўлаб боришига ишонтиради. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани судининг судьяси Музаффар Кукиев «Газета.uz"га маълум қилди.

Ш. Руфатов Фарзонанинг сўзларига ишониб, Сирғали тумани, Янги Сирғали кўчасида жойлашган «Credit Asia» савдо дўконидан нархи 6 миллион 871 минг 966 сўмлик «SAMSUNG» русумли 49 диагоналли телевизорни кредит шартномасига асосан сотиб олиб, Фарзонага беради.

Бунинг эвазига Фарзонадан 100 минг сўм олади. Бу савдонинг устида Фарзонанинг таниши Баҳриддин Нажмиддинов ҳам бор эди.

Ўз навбатида, Б. Нажмиддинов ҳам Ш. Руфатовдан «Media Park» савдо уйидан маиший техника олиб беришни илтимос қилади. У Фарзона билан ойлик тўловларни бирга тўлашни айтиб, Ш. Руфатовни ишонтиради. Шу боис Ш. Руфатов савдо уйидан нархи 4 миллион 149 минг сўмлик «Артел» русумли 43 диагоналли телевизорни кредит шартномаси асосида Баҳриддинга олиб беради. Бунинг эвазига Фарзона Ш. Руфатовга яна 100 минг сўм «мукофот» беради.

Орадан икки ойдан зиёд вақт ўтгач, Ф. Бердиқулова яна Ш. Руфатовга қўнғироқ қилади. Бу гал у кредит шартномаси асосида Б. Нажмиддиновга телефон аппарати олиб беришни илтимос қилади. Руфат унинг таклифига дарров рози бўлади ва ўша куни Ф. Бердиқулова ҳамда Б. Нажмиддинов билан бирга Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Живая техника» дўконига боради. Дўкондан у ўзининг номига кредит шартномаси асосида нархи 5 миллион 420 минг 100 сўмлик «Самсунг, А 7» русумли уяли алоқа телефон аппаратини сотиб олади ва Баҳриддинга беради.

Бунинг учун Ф. Бердиқулова Ш. Руфатовнинг қўлига 200 минг сўм тутқазади.

Фарзона фуқаро Н. Шойкина билан анчадан буён таниш эди. 2017 йилнинг 17 май куни Фарзона Н. Шойкинадан ҳам кредит шартномаси асосида телевизор олиб беришни, ойлик тўловни ўзи тўлаб боришини илтимос қилади. Унинг сўзларига ишонган Н. Шойкина ўзининг номига савдо дўконидан нархи 6 миллион 871 минг 966 сўмлик «Самсунг» русумли 49 диагоналли телевизорни кредит шартномасига асосан сотиб олади. Бунинг учун Ф. Бердиқулова унга 60 минг сўм беради.

2017 йилнинг 3 июнь куни Фарзона яна Н. Шойкинани йўқлаб қолади.

Топгач, бу гал ундан кредитга кондиционер олиб беришни илтимос қилади. Н. Шойкина бу сафар ҳам унинг илтимосини ерда қолдирмайди.

Бошланғич тўловига Ф. Бердиқулова берган 740 минг сўмни тўлаб, нархи 4 миллион 936 минг сўмлик «ARTEL MOTANA» русумли кондиционерни олиб беради.

Марғуба опа ўша куни ишда эди. Бир пайт таниши С. Жумақулов қўнғироқ қилиб қолди. У ҳол-аҳвол сўрагач, муддаога ўтди: Фарзона исмли танишига ёрдам зарур экан. Аниқроғи, у Марғубадан ўзининг номига кредит шартномаси расмийлаштириб, Фарзонага телевизор олиб беришни илтимос қилди. Кредит тўловларини Фарзонанинг ўзи ҳар ойда тўлаб боришини айтди.

Орадан кўп ўтмай Фарзонанинг ўзи Марғуба билан телефон орқали боҳланди. Марғуба С. Жумақуловнинг ҳурмати учун Фарзонанинг илтимосини рад этолмади. Шу тариқа Марғуба Ф. Бердиқулова ва унинг шериги Б. Нажмиддинов билан бирга Юнусобод туманида жойлашган «Credit Asia» маиший-техника буюмлари дўконига боради. У 4 миллион 959 минг 894 сўмлик «BOLSOH» русумли 50 диагоналли телевизорни бошланғич тўлов сифатида Баҳриддин берган 750 минг сўмни тўлаб, ўзининг номига расмийлаштиради. Шундан сўнг Баҳриддин кредитга сотиб олинган телевизорни ўзининг «Матиз"ига ортиб, Марғубани эса, ишхонасига элтиб қўяди.

Йўлда у инсонийлик, ҳожатбарорлик, оқибат ҳақида гап очади. Ўзларига ишонишини, агар Фарзона кредит тўловларини тўлай олмаса, унинг ўзи тўлаб беришини айтади.

Ишончли бўлиши учун Ф. Бердиқулованинг фуқаролик паспорти нусхасининг орқа томонига «Мен, Нажмиддинов Баҳриддин опамга кафил туриб, Марғуба опа орқали кредитга телевизор олдим. 50 диагональ телевизор пулини ўз вақтида тўлашга, опанинг ишончини йўқотмасликка ваъда бераман», дея тилхат ёзиб беради. Шундан сўнг Баҳриддин Марғубага тилхат билан бирга С. Жумақуловга бериб қўйишни тайинлаб, 300 минг сўм тутқазади.

Марғуба опа С. Жумақуловга Баҳриддин берган 300 минг сўмни беради.

Шунда у пулнинг 100 минг сўмини ўзига олиб, қолган 200 минг сўмини «хизмат ҳақингиз» дея Марғуба опага беради.

Ўзганинг ҳожатини чиқарганию, бунинг эвазига 200 минг сўм пул ишлаб олганидан Марғуба опа ҳам ҳар қалай мамнун эди. Аммо унинг қувончи узоқ чўзилмади. Чунки орадан кўп ўтмай Марғуба опанинг қўл телефонига кредит тўловини тўлаш кечикиб кетаётгани ҳақида кетма-кет SMS хабарлари кела бошлади. Табиийки, бу опага оғир ботди.

Ўқувчи воқеалар нишабидан ҳам фирибгар кимсалар танишларини алдаб, ишончини суиистеъмол қилганини аллақачон англаган бўлса керак.

Аслида ҳам шундай. Шу ўринда бу воқеаларга аниқлик киритадиган бўлсак, икки фирибгар Ш. Руфатов, Н. Шойкина ва М. Исоқжонованинг ишончига кириб, маиший-техника буюмларини қўлга киритгач, буюмларни бозорга чиқариб сотиб юборишган. Пулини эса, ўз эҳтиёжларига сарфлашган.

Ушбу жиноий қилмиш оқибатида фирибгарлар — Ш. Руфатовга 16 миллион 441 минг 66 сўм, Н. Шойкинага 11 миллион 807 минг 966 сўм, М. Исоқжоновага 4 миллион 950 минг 894 сўм моддий зарар етказишган.

Шу ўринда Ф. Бердиқулованинг жиноий кирдикорларидан ўқувчини огоҳ этиш зарурга ўхшайди. Чунки турмушдан ажрашган, икки нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси Фарзона Бердиқулова муқаддам қонунга хилоф равишда валюта операциялари билан муомала қилиш жиноятини содир этгани учун уч марта судланган. Унга аёллиги, вояга етмаган фарзандлари борлиги учун қонунларимиз баҳрикенглик қилган. Лекин киши тавбасига таянмаса, қийин экан. Фарзона ўзига берилган ана шу имкониятлардан сабоқ чиқариш ўрнига яна жиноят кўчасига киради.

Фирибгарлик жиноятини ўзининг доимий касбига айлантириб олади.

Фарзона фақат судланувчи Б. Нажмиддинов билангина эмас, балки фирибгарлик ва бошқа турдаги жиноятларни содир этиб, муқаддам уч маротаба судланган, айни чоғда жазони ўтаётган акаси Амин Бердиқулов, шунингдек, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг ҳукмига кўра, муқаддам етти йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, жазони ўтаган, судланганлик ҳолати тугалланган Асқар Бобоқулов билан ҳам ҳамтовоқлик қилган.

Алдов йўли билан танишларининг номига кредит шартномаси расмийлаштиришга эришиб, дўкондан олинган маиший-техника буюмларини бозорда сотишни жиноий фаолиятига айлантирган Ф. Бердиқулова гумашталари Б. Нажмиддинов, А. Бердиқулов ва А. Бобоқулов билан жами ўн беш ҳолатда фирибгарлик жинояти содир этган.

Суд судланувчилар — Ф. Бердиқулова, Б. Нажмиддинов, А. Бердиқулов ва А. Бобоқуловни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, уларнинг қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинлади. Суд ҳукмида жабрланувчилар фойдасига судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши лозим бўлган моддий зарар миқдори белгилаб берилди. Шу каби манфаатдор тарафларга етказилган қўшимча моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилди.