Тошкент ҳокимияти делегацияси ва Минск шаҳар ижроия қўмитаси 15 апрель куни пойтахтларнинг савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлиги тўғрисидаги келишувни имзолади. Бундан ташқари, Тошкент ва Минкс ўртасида биродарлашган шаҳарлар мақоми тўғрисидаги битимни имзолаш режалаштирилмоқда, дея хабар қилди Тошкент ҳокимият матбуот хизмати.

Беларусь пойтахтига ташриф чоғида Ўзбекистон делегацияси Минск Жарроҳлик, трансплантология ва гематология илмий-амалий маркази ҳамда «Белкоммунмаш» жамоат электр транспорт воситалари ишлаб чиқариш корхонасига ташриф буюрди.

Фото: «Минск-Новости»

"Белкоммунмаш" МДҲ давлатларида савдо бошқармаси бошлиғи Виталий Шкуратов жорий йилда Тошкентда кондиционерлар билан жиҳозланган Е420 Vitovt Electro электробус модели пайдо бўлишини маълум қилди. Унинг учун қатнов йўналишини ишлаб чиқилган бўлиб, қувватлаш станцияси учун майдонча тайёрланмоқда, дея ёзди «Минск-Новости» портали. Агарда синов эксплуатацияси муваффақиятли ўтса, томонлар техникаларни етказиб бериш бўйича шартнома имзолашни кўриб чиқади.

Ўтган йили Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги савдо айланмаси 86,5 млн долларга етди. Тошкентда Беларусь капитали иштирокидаги 32 та корхона, жумладан «Амкадор-Агротехмаш», «МАЗ-Ташкент» ва «Белфарм» қўшма корхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Ҳамкорликни кенгайтириш учун ўзбек-беларусь бизнес форумини ўтказиш режалаштирилмоқда, дея хабар берди ҳокимият матбуот хизмати.