Олтиариқ тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими суриштирувчиси Д.М. ҳамда профилактика инспектори В.А. тамагирлик қилиб, жиноятга қўл урди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Д.М.нинг хизмат вазифасига жиноятларни фош этиш, олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш, иш юритувига берилган ариза, материал ёки жиноятлар бўйича суриштирув ва тергов ҳаракатлари ўтказиб, улар бўйича қонуний қарор қабул қилиш кирарди. Аммо у профилактика инспектори В. А. билан тил бириктириб, тамагирлик йўлини танлади.

У ўз иш юритувидаги фуқаро Э. Маматовнинг «Нексия-2» русумли автомашинасини ўғирланганлиги ҳолати юзасидан С.Абдураҳимовга нисбатан тўпланган материал бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ва маъмурий тартибда ҳал қилиш эвазига 500 доллар пора беришни талаб қилган. Акс ҳолда унга жиноят иши қўзғатиш ва қамаш билан таҳдид қилган. Албатта бу ишни профилактика инспектори В. А. ёрдамида амалга оширишни режа қилди. С. Абдураҳимов эса бу икки нафар давлат органи мансабдор шахсларининг қилмишлари юзасидан ариза билан мурожаат қилди.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўз хавфсизлиги бошқармасининг вилоят бўйича бўлими ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи томонидан ўтказилган тадбирда дастлаб В.А. ўзининг «Матиз» русумли автомашинасида кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини С.Абдураҳимовдан пора тариқасида олган. Шундан сўнг тадбир давом эттирилиб, Д.М. ўз хизмат хонасида 500 АҚШ долларини пора тариқасида олганда, у ҳам ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Судланувчи Д. М. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилиб 6 йил, В. А. эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.