15 апрель куни Тошкентнинг Яккасарой туманида инклюзив мактабгача таълим муассасаси очилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги «Газета.uz"га.

Ушбу инклюзив МТМда руҳий ривожланишдан ортда қолган болалар учун 7 та гуруҳ (ҳар бир гуруҳда 15 нафаргача бола) ҳамда инклюзив йўналишдаги 7 та умумтаълим профилли гуруҳ (ҳар гуруҳда 25 нафаргача бола) очиш режалаштирилган.

«Болаларнинг бир-бири билан учрашиши фақатгина ўйин майдони ёки ошхона билан чекланиб қолмайди. Инклюзия тамойилини амалга ошириш мақсадида ҳар бир оддий гуруҳга уч нафар имконияти чекланган, масалан нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар қатнайдилар», — деди Ўзбекистон мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Ихтисослаштирилган гуруҳларга болалар психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаси асосида қабул қилинадилар. Таълим дастури «Илк Қадам» давлат дастурининг мослаштирилган варианти ҳисобланиб, унга дефектолог билан ҳар кунги машғулотлар киритилган. Мусиқий таълим коррекцион ритмика билан тўлдирилади.

МТМда шахсни ҳар томонлама ривожлантириш учун барча шарт-шароитлар яратилган: у ерда шифокор кўрсатмаси бўйича якка тартибда ва кичик гуруҳ машғулотлари учун даволаш-жисмоний тарбия хонаси, жисмоний тарбия зали, ёзги бассейн, футбол майдони ва логопедия шохобчаси мавжуд, мусиқий таълим дастури эса тузатиш ритмикаси билан тўлдирилган. Шунингдек, мактабгача таълим муассасасида психолог фаолият юритиб, болалар билан машғулотлар ўтказишдан ташқари ота-оналар ва МТМ ходимлари билан консультациялар ҳам ўтказади.

«Биз ҳар бир бола бағрикенг бўлишга ўргатиш билан бирга инсон қадриятлари унинг имкониятига боғлиқ эмаслиги ҳақидаги фикрни сингдирмоқчимиз, — деди мактабгача таълим вазири. — Ёшлик чоғида боланинг руҳий ҳолати очиқ, эгилувчан ва ўзлаштиришга тайёр бўлади. Инсонлар орасида турли феъл ва қиёфага эга инсонлар мавжудлигига ўрганган болалар келажакда ўзларидан фарқ қилган болаларга зулм етказмайди. Жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар учун МТМга қатнаш мулоқот қилиш кўникмаларига эга бўлиш имкониятини яратиб бериб, уларнинг кейинги ижтимоий мослашувини осонлаштиради».

Муассаса ҳомийлик маблағлари ҳисобига реконструкция қилиниб, жиҳозланди. 369- сонли мазкур МТМ давлат-хусусий шерикчилик асосида хайрия фаолияти шаклида ташкил этилди.