Ўзбекистонда Миллий компетенция тизимини яратиш ва компетенциялар паспортини (Skills Passport) жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 12 апрель куни бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев меҳнат бозори вакиллари билан учрашувда маълум қилди.

Меҳнат вазири иш берувчилардаги «қониқмаслик синдроми"ни бозорнинг асосий муаммоси деб атади.

«Бизда бир томондан улкан ишсизлик, иккинчи томондан эса тракторчи топа олмаймиз. Бошқа мутахассислар ҳақида айтмаяпман, тракторчи, ветеринар ҳақида айтаяпман. Туман ҳокими бўлганман [Мирзо Улуғбек туманида], сантехник, кранчи ҳақида айтаман. Улар йўқ. Яъни бизда компетенцияларни ўзлаштирувчи тизим йўқ. Борларини ҳам ёмон дедик ва унутдик. Ҳатто шу «ёмон», «советча"ларни ҳам сақлаб қолмадик. Бизда ҳеч бўлмаса биринчи разрядли пайвандчи, учинчи разрядли электрик, иккинчи тоифали ҳайдовчилар бўлиши керак эди. Мана шундай ҳолат, биз компетенцияларни қайтаришни хоҳлаймиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бундай тизимнинг жорий этилишига мажбур бўлиш республикада таълим тизими ишламаётганидан далолат беради.

«Бу (тизимни жорий этиш — таҳр.) жуда катта меҳнат билан амалга ошади, чунки биз буни жорий этсак, таълим тизими, бизлар бераётган дипломнинг (залдан қичқириқ: „Ишламаяпти“) тан олинишини англатади. Буни сиз айтдингиз. Тўғрими?» — дея савол берди Шерзод Кудбиев.

Вазирнинг фикрича, миллий компетенция тизимига хусусий бизнесни ҳам жалб қилиш керак.

«Биз барча иш берувчиларга тўғри баҳо берадиган шундай бир тизимни яратишимиз керак. Хусусий бизнес ҳам компетенцияларни ўзлаштиришининг қатъий тарафдориман. Кимдир Шарқшунослик (Тошкент давлат шарқшунослик институти — таҳр.) ёки Жаҳон тиллари университетининг (Ўзбекистон давлат жаҳн тиллари университети — таҳр.) қизил дипломи билан, кичик қизалоқ эса кўчадан IELTS 6.0 билан олдингизга келса, уларнинг қайси бирига кўпроқ ишонасиз?» — деб сўради залдан. Йиғилганлар: «IELTS» — дея жавоб берди. «Нима учун? Ахир булар катта муҳр урилган қизил дипломларку?» — деб сўрайди вазир.

Тизим доирасида компетенциялар паспортини ҳам жорий этиш режалаштирилмоқда. «Биз шундай тизим яратишни истаймизки, унда диплом эмас, Skills Passport берилади. Бу, албатта, ишчи касбларга тааллуқли бўлади, чунки бизда пайвандчилар, кранчилар, айнан ишчи касблар маълумотлари базалари йўқ. Шу билан бирга, кучли, қисқа муддатли — пайвандчига уч йил ўқишнинг кераги йўқ, уч ой етарли — тайёрлов тизими бўлиши керак», — деди меҳнат вазири.

Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазирлиги йил охирига қадар Тошкентнинг Яшнобод туманида саккизта йўналишда мутахассислар тайёрлайдиган компетенциялар марказини очишни режалаштирмоқда.