Душанба куни Тошкентдаги Халқаро форумлар саройида Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиши маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев иштирок этди. Тадбир «Ўзбекистон 24» телеканали орқали жонли эфирга узатилди.

«Бугун ҳурматли Қосим-Жомарт Токаев билан биргаликда Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг очилиши стратегик шерикчилик муносабатларининг жадал ривожланаётгани, ишонч ва ўзаро ёрдам, мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам қардошликдан далолат беради. Ушбу ажойиб ҳодиса икки халқнинг маданий ва маънавий муштараклиги, абадий ва самимий дўстлиги рамзи ҳамдир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Токаев ўз нутқида Ўзбекистон президенти ва ўзбек халқига самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирди.

«Қатъий айта оламанки, Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларида муаммоли масалалар бўлмайди, аксинча, икки томон саъй-ҳаракатлари билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. […] Биз ҳар доим ўзбекларни қардош яқин халқ деб билганмиз ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Шунингдек, ўзбек халқи бизга нисбатан худди шундай илиқ муносабатда, деб ҳисоблаймиз. Қардош халқларимизни ягона тақдир ва умумий келажак боғлаб турибди», — деди Қосим-Жомарт Токаев.

Очилиш маросимида икки мамлакат мусиқалари, қўшиқ ва рақслари ижро этилди.