Ўзбекистонда ёшлар жиноятчилиги камаймоқда. 2019 йил биринчи чорагида юз берган жиноятлар 1 минг 963 тани ташкил этди. 2018 йилнинг шу даври билан таққослаганда, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 39,5 фоиз, яъни 1 минг 282 тага камайган. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси ходими Мирзо Улуғбек Мадалимовнинг мақоласида маълумот берилган.

Ички ишлар органлари ходимлари ёшлар билан ишлашни янада яхшилаш мақсадида нодавлат ва жамоатчилик ташкилотлари, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Таълим муассасаларини тамомлаб, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келган ёшларни иш ўрни билан таъминлаш мақсадида шаҳар марказлари, маҳаллаларда меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг берган расмий маълумотига кўра, 2019 йил биринчи чорагида республика бўйлаб жами 414 бўш иш ўрни ярмаркаси ташкил этилган. Уларда 31 минг 673 нафар ёш иштирок этди. Улардан 8 мингга яқини ўзи қизиқиш билдирган соҳалар бўйича ишга жойлашган. Яна 9 мингга яқини ишга жойлашиш учун йўлланма олган. 19,5 минг нафарига эса керакли маслаҳатлар берилган.