Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан қамоқ муддати ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган Исломбек Тўлаганов жазонинг қолган қисмини Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Пробация хизмати назорати остида ўтайди, дея хабар қилди Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси.

Боровский номидаги тиббиёт коллежининг собиқ ўқувчиси Навоийдаги 4-жазони ижро этиш колониясида жазо ўтаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 30 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди май ойида Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Исломбек Тўлагановга (1999 й. т.) ўз курсдоши Жасур Иброҳимовни калтаклаб, унинг ўлимига сабаб бўлгани учун олти йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган эди.

Жиноят кодексининг 90- моддаси (жазони енгилроғи билан алмаштириш) ва Жиноят-процессуал кодексининг 536-моддасига (жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш тартиби) мувофиқ, Исломбек Тўлагановга тайинланган жазонинг ўталмай қолган 4 йил 5 ой 15 кунлик қисми ахлоқ тузатиш ишлари ва иш ҳақининг давлат ҳисобига 20 фоизи ушланиб қолишига алмаштирилди.

Хабарда қайд этилишича, суд жараёнида Исломбек Тўлаганов жазони ижро этиш вақтида колонияда ўрнатилган режимни бузмагани, меҳнатга кўнгилли равишда муносабатда бўлганига эътибор қаратилган.