Рио олимпиадаси чемпиони, айни пайтда профессионал боксда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик Фазлиддин Ғоибназаровнинг навбатдаги рақиби аниқ бўлди. 11 май куни ўтадиган бокс оқшомида Фазлиддин америкалик Майкл Фоксга қарши жанг олиб боради. Ушбу қарама-қаршилик Аризонада ўтиши белгиланган. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Ёдингизда бўлса, Майкл Фокс шу йилнинг 15 февраль куни бошқа бир Шоҳжаҳон Эргашевга қарши рингга кўтарилиб, фаолиятидаги биринчи мағлубиятини қабул қилиб олганди. Таъкидлаш жоиз, Фокс 20 жангидан қолган 19 тасида ғалаба қозонган.

«Биз бўлажак баҳсга жиддий ҳозирлик кўрмоқдамиз. Ҳали вақт бор, умид қиламанки, навбатдаги ғалабам билан барча бокс мухлисларини хушнуд этаман», — деди Фазлиддин Ғоибназаров.

Эслатиб ўтамиз, юртдошимиз шу пайтгача профессионал боксда 7 бор жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган.