Ҳукумат қарори билан Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссияси тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Комиссияга бош вазир раислик қилади, унинг таркибига қишлоқ хўжалиги вазири, сув хўжалиги вазири, инновацион ривожланиш вазири ва бошқа бир қатор идора раҳбарлари киритилган.

Комиссиянинг асосий вазифаси қишлоқ хўжалигига оид қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, уларни мониторинг қилиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳага инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобланади.

Шунингдек низом билан комиссиянинг функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди.

Комиссия мажлислари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Раис томонидан навбатдан ташқари мажлис чақирилиши мумкин.

Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.