Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги президент мактабларига ўқувчиларни тайёрлаш бўйича Next Step Up School компанияси томонидан матбуотда эълон қилинган «Кимнинг билими кучлироқ» («Кто круче в знаниях») лойиҳасини ишга туширилиши ҳақида қуйидагича изоҳ билдиради:

Next Step Up School компанияси ёки унинг бошлиғи Муҳайё Зайрованинг президент мактабларига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Ушбу мақолада Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, президент мактабларига киришда инглиз тили асосий мезон эканлиги ҳақида фикр билдирди, дея таъкидланган. Вазир ўзининг Facebook саҳифасида ота-оналарга: «Фарзандингизни президент мактабларида ўқишини истасангиз инглиз тилини ўргатишни бошланг!», деб ёзган. Бунга сабаб, президент мактабларида хорижлик педагоглар ўқувчиларга инглиз тилида таълим берилиши кўрсатилган.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳеч қачон ўқувчиларни президент мактабига қабул қилишда инглиз тилини билиш даражаси асосий мезон бўлиши ҳақида айтмаган.

Шунингдек, мақолада Муҳайё Зайрова президент мактабида ўқишга тайёрлаш ва қабул қилиш бўйича ота-оналарнинг барча саволларига жавоб беришга тайёр эканлиги қайд этилган.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда Халқ таълими вазирлиги ҳамда Cambridge Assessment президент мактабларига ўқувчиларни саралаб олиш борасида иш олиб бормоқда. Кириш имтиҳонларини ўтказиш ва иқтидорли ўғил-қизларни танлаш мезонлари ҳали тасдиқланмаган.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ижтимоий тармоқларда президент мактабларининг расмий саҳифалари (Telegram, Facebook, Instagram) ишга туширилди. Ушбу саҳифаларда президент мактабларига оид барча расмий маълумотлар тезкорлик билан бериб борилади. Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Тошкент, Хива, Нукус ҳамда Наманганда Президент мактаблари ташкил этилади.