Жорий йилнинг 17−21 апрель кунлари Ўзбекистонда от спорти бўйича «FEI Jumping Children`s Classic Final 2018» халқаро болалар кубоги финал босқичи бўлиб ўтади. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу мусобақа от спорти бўйича 15 ёшгача бўлган чавандозлар ўртасида ўтказиладиган энг нуфузли турнирлардан бири ҳисобланиб, ушбу спорт тури бўйича бундай савиядаги мусобақа Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилмоқда.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган «Аллюр» от спорт базасида ўтказилаётган мусобақага Германия, Бразилия, Ирландия, Аргентина, Мексика, Янги Зеландия, Жанубий Африка каби дунёнинг 12 давлатидан ҳакамлар, ёш спортчилар ва меҳмонлар жами 80 нафарга яқин хорижликлар ташриф буюришади.

Ҳакамлар ҳайъатига франциялик Патрис Альвадо раҳбарлик қилади.

Мусобақа қоидаларига кўра мезбон давлатдан 4 нафар ва ҳар бир мамлакатдан олтин тур натижаларига кўра ўз FEI гуруҳида энг яхши 10 таликка кира олган спортчилардан 2 нафарининг иштирок этишига рухсат этилади. Шундай қилиб, ғалаба учун 12−14 ёшдаги 20 нафар ёш чавандозлар баҳсга киришадилар.