Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди 2018 йил 20 декабрь куни Исломбек Тўлагановга тайинланган қамоқ муддатини ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирди, дея хабар қилди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати «Газета.uz"га. У Навоий шаҳридаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган эди.

Жиноят кодексининг 90- моддаси (жазони енгилроғи билан алмаштириш) ва Жиноят-процессуал кодексининг 536-моддасига (жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш тартиби) мувофиқ, Исломбек Тўлагановга тайинланган жазонинг ўталмай қолган 4 йил 5 ой 15 кунлик қисми ахлоқ тузатиш ишлари ва иш ҳақининг давлат ҳисобига 20 фоизи ушланиб қолишига алмаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 30 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди май ойида Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Исломбек Тўлагановга (1999 й. т.) ўз курсдоши Жасур Иброҳимовни калтаклаб, унинг ўлимига сабаб бўлгани учун олти йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган эди.

У 104-модда 3-қисм «д» бандида (қасддан оғир тан жароҳати етказиш) кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар кассация инстанцияси 2018 йил 12 январь куни ушбу жазо чорасини ўз кучида қолдирди.