Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Бош почтамт» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан шу заргарлик буюми жўнатилиши билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатининг олди олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, фуқаро Б.Р. номига хориждан юборилган почта жўнатмаси амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, тегишли божхона декларациясида кўрсатилмаган тилла тақинчоқлар борлиги маълум бўлди. Оғирлиги 36,7 грамм бўлган мазкур заргарлик буюмларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 10,2 миллион сўмни ташкил этди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Эслатиш ўринли, Умумжаҳон почта Конвенцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2011 йил 18 апрелда 2219-сон билан рўйхатга олинган «Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш» Қоидаларига асосан қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик буюмларини почта жўнатмалари орқали юборилиши ман этилган.

Халқаро почта иттифоқи аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикасида ҳам Умумжаҳон почта Конвенциясига мувофиқ, жўнатилаётган почта жўнатмалари бўйича божхона декларациялари тўлдирилиши лозим ҳамда мазкур декларацияда юборилаётган барча товарларнинг номлари қайд қилиниши белгилаб қўйилган.