2019 йил 9 апрель куни ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, фойдали қазилмалардан ноқонуний фойдаланиш натижасида етказилган зарар миқдорини аниқлаш ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг оқибатлари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиб бориш Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг асосий вазифалари сифатида белгиланди.

Норуда фойдали қазилмалар учун ер қаъри участкалари лицензия асосида туман ҳокимлари томонидан 10 кунлик муддатда берилади. Ажратилган ер қаъри участкасининг чегаралари кадастр органлари, Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда ердан фойдаланувчи иштирокида белгиланади.

Лицензиянинг муддати тугаганда ёки лицензия бекор қилинганида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси 3 кунда бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда тегишли туман ҳокимига ёзма маълумот беради.

Шунингдек, норуда фойдали қазилмалар 2 йил давомида қазиб олинмаганда ўзлаштирилмаган қазилмалар давлат балансига ўтказилади ва улар жойлашган ер ҳокимиятга қайтарилади.