Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси «Газета.uz"га 2018 йилда ишлаб чиқарилган 6506 дона Nexia -3 (2-позиция) русумидаги автомобиллар комплектациясида туманга қарши олди ёриткичлар ўрнатилмагани аниқлангани ҳақида хабар берди. GM Uzbekistan компанияси эса бу ахборот ҳақиқатга зид эканини маълум қилди.

Антимонополия қўмитаси хабарида қайд этилишича, ушбу ҳолатни бартараф этиш бўйича қўмитанинг талабига асосан бугунги кунга келиб истеъмолчиларга етказиб берилган 6037 та автомашинага туманга қарши ёриткичлар ўрнатиб берилди ва фуқароларнинг жами 2,5 млрд сўмдан ортиқ манфаатлари ҳимоя қилинди.

Қўмита мазкур русумдаги автотранспорт воситасида юқорида кўрсатилган нуқсонни аниқлаганган тақдирда, GM Uzbekistan компанияси ёки Монополияга қарши курашиш қўмитасининг: (78) 144−77−77, (78) 147−14−14, (71) 241−76−17 рақамларига мурожаат қилинишини сўради.

GM Uzbekistan компанияси матбуот хизмати «Газета.uz"га мазкур ахборотнинг ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилди. Антимонополия қўмитаси томонидан ушбу йўналишда қандайдир ўрганишлар олиб борилмаган, дея қайд этди компания вакили.

«Туманга қарши фарасиз автомобилларни топшириш мазкур эҳтиёт қисмни етказиб беришдаги узилишлар муносабати билан харидорларни огоҳлантирган ҳолда амалга оширилади. Автомобилларни ўз вақтида етказиб бериш мақсадида компания харидорларга кейинчалик ўрнатиб бериш шарти билан автомобилларни туманга қарши ёриткичларсиз етказиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинган», — дея тушунтириш берди автоишлаб чиқарувчи матбуот хизмати.