Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ тумани суди томонидан «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали Тошлоқ туманлараро участкаси биносида ўтказилган сайёр судда чилангар Д.М.га оид жиноит иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Тошлоқ тумани суди раиси А.Ҳабибуллаевнинг ЎзАда эълон қилинган мақоласида сўз боради.

Жиноят иши тафсилотларига кўра, Д.М. 14.09.2017 йилдан 13.07.2018 йил кунига қадар «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали Тошлоқ туманлараро участкасидаги аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш участкасида газ ускуналарини таъминлаш ва экспулатация қилиш бўйича чилангар вазифасида ишлаб келган.

Ўзи ишлаган даврда қалбаки квитанциялар тайёрлаган, улардан фойдаланиб Тошлоқ тумани ҳудудида яшовчи 744 нафар фуқарога тақдим қилган. Бунинг учун фуқаролардан гўёки жорий кўрик учун 20 554 сўмдан, жами 15292 176 сўм пулни олиб, уларни ҳисоботда кўрсатмасдан ва туманлараро газ участкасига тошпирмасдан ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Д.М. томонидан содир қилинган жиноятни келтириб чиқарган сабаб ва омиллар ўрганилганида, унинг кундалик фаолияти «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали Тошлоқ туманлараро участкаси масъул ходимлари томонидан етарли назорат қилинмаганлиги, аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати, ушбу хизматлар учун тўланган тўловлар ҳаракати ўрганиб, таҳлил қилинмаганлиги маълум бўлди.

Суд ушбу сабаб ва омиллар ва уларни бартараф қилиш чораларини иш бўйича чиқарилган хусусий ажримда батафсил кўрсатиб, ушбу ажримни ижро қилиш учун «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали раҳбариятига юборди.