Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганишнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича Самарқанд вилояти ҳокимининг сектори (1-сектор) штабларига вилоятдаги 32 та идора ва ташкилотлардан масъул ходимлар бириктирилган. Ушбу ходимлар жорий йилнинг биринчи чорагида уйма-уй юриш орқали 58 минг 800 хонадонни ўрганди. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси сайтида хабар берилди.

Ўрганилган хонадонларнинг 7017 тасида 7692 муаммо борлиги аниқланган. Аниқланган масалаларнинг 5 651 тасига ижобий ечим топилган. Жумладан, оғир шароитда яшаётган 48 оиланинг турар жойи таъмирланди, ногиронлиги бўлган шахслар, шароити ўта оғир оилаларнинг 379 нафари уй-жой билан таъминланди.

1838 нафар фуқаро хонадонига суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилиб, 976 нафар фуқаро ишли бўлди, 845 нафар аҳоли малакали тиббий кўрикдан ўтказилиб, дори-дармон билан таъминланди.

Моддий ёрдамга муҳтож 408 нафар оилага моддий ёрдам берилиб, 287 нафар фуқарога кадастр ҳужжатлари ва уй-жойга эгалик ҳуқуқи, 29 фуқарога паспорт ҳужжатлари тақдим қилинди. 252 нафар тадбиркорга кредит олишда ёрдам кўрсатилди ва 41 оиладаги низолар бартараф этилди. 354 нафар фуқаронинг электр энергияси, ичимлик суви, кўмир таъминоти билан боғлиқ масалаларига ечим топилди.

Вилоятнинг Паст Дарғом, Нарпай, Пайариқ, Ургут, Каттақўрғон ва Қўшработ туманларида аҳолининг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, фуқаролар билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилди. Бунинг самарасида аҳоли томонидан билдирилган 1401 мурожаатнинг 1191 таси ҳал этилди. Вилоят ҳокимининг телеграмм мессенжери орқали келиб тушган 2700 дан зиёд мурожаатнинг 2341 тасига ечим топилди.