Сирдарёда прокуратура ходими каналда чўкаётган қизнинг ҳаётини қутқариб қолди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси «Газета.uz"га.

8 апрель куни соат 22.00 да Гулистон шаҳридаги «Дўстлик» канали қирғоғи бўйлаб кетаётган вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи А.Убатов сув юзасидан келаётган паст овоздаги шовқинни эшитиб қолади.

Зудлик билан яқиндаги вагонга бориб, белкурак топиб келади ва кийимларини ечиб, ўзини сувга ташлайди. Чўкаётган қиз белкурак дастасидан тутиб, ўзи ҳам чиқишга ҳаракат қилади. А. Убатов жабрланувчини қирғоққа тортиб келади ва йўлакдан ўтаётган икки аёлдан тез тиббий ёрдам чақиришни илтимос қилади.

Ҳодиса жойига етиб келган одамлар бир-бирларининг қўлларидан маҳкам тутиб, занжир бўлиб, сув бўйидан тортиб олишади.

Жабрланувчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали жонлантириш бўлимига етказилди.

Қутқариб қолинган қиз 2002 йилда туғилган Мунира Шамшиева бўлиб чиқди. У Гулистон шаҳар «Улуғ йўл» МФЙ ҳудудида яшайди. Шаҳардаги 4-ўрта умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси. Маълум бўлишича, қиз канал четига ўрнатилган зинадан пастга тушган ва бехосдан сувга йиқилиб, оқиб кетган.

У эндиликда ўзини яхши ҳис қилмоқда, дейилади хабарда.