Ҳаракатланиш хавфсизлигига зид бўлган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг махсус бўлимлари томонидан жойларда доимий мониторинглар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар натижасида ўтган ҳафтада 10дан зиёд автобус ҳайдовчилари томонидан белгиланган меъёрларни четлаб ўтиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мониторинг натижаси ҳамда йўловчилар мурожаатларидан келиб чиқиб 99-рақам остида «Сувсоз» даҳаси — Фарҳод бозори" йўналишида қатновчи автобус ҳайдовчилари ўртасида йўлларда ҳаракатланиш бўйича йўриқнома ўтказилди. Унда ҳайдовчилар транспорт бошқаруви вақтида амал қилиши лозим бўлган қоидалар, ҳаракатланиш хавфсизлигига оид қонунчилик талаблари билан яна бир бора таништириб ўтилди.

Бекатларда автобусларнинг эркин ҳаракатланишига халақит берган бир нечта хусусий транспортлар кўплиги масаласи ҳам мониторинг гуруҳининг эътиборидан четда қолмади. Айниқса, «Чорсу» бекатида бундай вазият кўп учраши қайд этилди ва Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси аниқланган шу каби ҳолатлардан хабардор этилди.

«Азиз ҳамшаҳарлар, сиз ҳам йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласида камчилик ва қоидабузилишларига гувоҳ бўлсангиз,1062 ишонч телефонига қўнғироқ қилинг», — дейилади матбуот хизмати хабарида.