«Учтепа» конидаги 7- разведка қудуғида янги саноат газ оқими қўлга киритилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» компанияси матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу қудуқда газнинг ўртача суткалик миқдори 300−350 минг куб метрни ташкил этади. Қудуқ Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида жойлашган бўлиб, 1350 метргача чуқурликка эга. 10 кун давомида газ босими, ҳарорати ва таркибини аниқлаш учун газ-конденсат текширувлари ўтказилади.

7-қудуқдан олинган табиий газ оқими кон контурини кенгайтириб, Фарғона водийси аҳолисини табиий газ билан таъминлаш имкониятини кенгайтиради, дейилади хабарда.

Аввалроқ «Учтепа» конидаги тўртта қудуқдан суткасига 386 минг куб метргача ҳажмли саноат газ оқимини олинган эди.