2019 йил 8 апрель куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Амалдаги тартибга кўра, қонун ҳужжатлари лойиҳалари ҳукуматга ёки президент администрациясига киритилишидан олдин манфаатдор идоралар билан мажбурий равишда келишилиши лозим.

Эндиликда мазкур жараён ҳам электрон шаклда амалга оширилади.

Хусусан, қарорда қайд этилишича 2019 йил 1 январдан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими синов тариқасида ишга туширилган.

Шу муносабат билан, ягона электрон тизимнинг устувор вазифалари белгиланди.

Лойиҳаларни кўриб чиқиш ва келишиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, электрон имзонинг, визаларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш шулар жумласидандир.

2019 йил 1 майдан 1 июлгача қонунлар, президент ва ҳукумат ҳужжатлари лойиҳаларини манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ишлаб чиқиш ва келишишда ягона электрон тизимнинг пилот лойиҳаси жорий этилади ҳамда уларни ҳукуматга киритиш қоғоз шаклида ёки тизим орқали амалга оширилади.

2019 йил 1 июлдан 1 октябргача ҳукуматда ягона электрон тизимнинг пилот лойиҳаси жорий этилади.

2019 йил 1 октябрдан лойиҳалар ҳукуматга ва президент администрациясига фақат ягона электрон тизим орқали киритилади.

Ягона электрон тизимда қонунлар, президент ва ҳукумат ҳужжатлари лойиҳаларини келишиш давомидаги таклифлар ҳамда эътирозлар билан қайта ишлашга имкон берувчи функция ишга туширилади.

Ягона электрон тизимнинг самарали ва узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилиб, унга адлия вазири бошчилик қилади.