6 апрель куни тахминан 19:30 да Тошкентнинг Чилонзор тумани Муқимий кўчасида автомашина йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган кекса аёлни уриб юборди. Ҳодиса қайд этилган видеоёзув Telegram мессенжерида тарқалди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, ҳайдовчи хизмат машинасини бошқариб кетаётган пойтахт ИИББ тузилмасидаги бўлимлардан бирининг бошлиғи У. К. бўлиб чиқди. Ҳодиса натижасида ҳаётдан кўз юмган аёл (1953 й. т.) 4-уй қаршисида ҳаракат йўналишларини ажратиб турувчи тўсиқларнинг орасидан ўтиб, кўчани кесиб ўтаётган бўлган.

Видеорегистратордаги ёзувдан кўриниб турибдики, қора рангли Lacetti катта тезликда хавфли ҳаракатларни амалга оширган ҳолда биринчи ёки иккинчи полосадан кескин равишда энг чапдаги полосага ўтади. Сўнгги лаҳзаларда машина тўхташга ҳаракат қилади, бироқ ҳаракат полосалари ўртасида турган аёлни уриб юборади. Шундан сўнг ажратиб турувчи тўсиқларга урилади.

Тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамасдан, аёл 23:40 да Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида вафот этди.

7 апрелда ўтказилган суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, аёлнинг ўлими «бош мия ёпиқ жароҳати, кўкрак қафаси ёпиқ жароҳати, ўнг болдир суякларини жароҳатлари» натижасида келиб чиққан.

8 апрель куни Чилонзор туман прокуратураси томонидан ИИО ходими У.Қ.га нисбатан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.