Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайлови 9 июнь куни ўтказилади, деди республика президенти Қосим-Жомарт Токаев мамлакат фуқароларига жонли эфирда мурожаат қилар экан.

«Амалдаги президент сифатида сизларга сайловлар ҳалол, очиқ ва адолатли ўтишини кафолатлайман. Бу менинг принципиал позициям», — деди президент.

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев 20 мартдан республика президенти сифатидаги ўз ваколатини тўхтатган эди. Унинг ўрнини бунга қадар Қозоғистон парламенти Сенати раиси сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Қосим-Жомарт Токаев эгаллади.

20 март куни янги президент қасамёд қабул қилди ва президент лавозимига киришди. Ўшанда президентлик сайловларининг 2020 йилда ўтказилиши режалаштирилаётгани хабар қилинган эди.