4 апрель куни Ўзбекистон Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда божхона хизмати ходимлари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида икки бош лочиннинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйди, дея хабар берди Экология қўмитаси матбуот хизмати.

Дубай рейси билан келган Саудия Арабистони фуқароси Йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси (CITES) соҳасидага рухсат берувчи жараёнларни бузишга ҳаракат қилди.

Чет эл фуқароси лочинлар билан бирга ёввойи қушларни тутиш учун қопқонлар ҳам олиб келган. Экология қўмитаси матбуот хизматининг тахминига кўра, у Ўзбекистон ҳудудида лочин овини уюштиришни мақсад қилган.

Қушлар CITES`нинг Ўзбекистондаги маъмурий органи ҳисобланган Экология қўмитаси томонидан уларнинг кейинги тақдири юзасидан қарор қабул қилингунга қадар вақтинча олиб қўйилиб, ихтисослаштирилган питомникка топширилди.

Чет эл фуқаросини жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилмоқда.